
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Бу олим Африғий хоразмшоҳлар сулоласига мансуб Ироқийлар оиласининг вакили бўлиб, ўрта аср мусулмон Шарқининг буюк алломаларидан бири ҳисобланади. Хоразмда туғилган, Кот, Гурганж ва Ғазнада ишлаган. Ибн Ироқнинг 30 га яқин асарлари маълум. Улар сферик астрономия ва геометрияга бағишланган.
Астрономия бўйича энг йирик асари хоразмшоҳ Али ибн Маъмунга (997– 1009) бағишланган “ал-Мажистий ал-шоҳий” (“Шоҳ Алмагести”)дир. Бу асарда Ибн Ироқ аввалги давр астрономларидан марвлик Ҳабаш ал-Ҳосиб (IХ аср) ва Абу Жаъфар ал-Ҳазиннинг (Х аср) астрономик жадвалларига тузатишлар киритган. Шунингдек, эклиптиканинг осмон экватори текислигига оғиш бурчагини аниқлашнинг янги усулини таклиф этган. Ибн Ироқ биринчилардан бўлиб нафақат текисликдаги, балки фазовий (сферик) учбурчаклар учун ҳам синуслар теоремасини исботлаган.
Ибн ал-Ироқнинг назарий жиҳатдан асосланган астрономик жадваллари ўрта асрларда Абу Райҳон ал-Беруний ва Носириддин ат-Тусий (1201–1274), шунингдек, ХХ аср Ғарб фан тарихчиларидан П. Люка (Германия), Э. Кеннеди (АҚШ), Ю. Самсо (Испания), К. Йенсен (Голландия) томонидан юқори баҳоланган. Ибн ал-Ироқнинг жаҳон фани олдидаги энг буюк хизмати ал-Берунийдек даҳони тарбиялаганидир. Олим ал-Берунийни фақат шогирд эмас, балки иқтидорли олим сифатида эътироф этиб, унга бағишлаб осмон сферасининг назарий масалалари, геодезик астрономия, аввал ўтган олимлар “Зиж”ларига тузатишлар ва геометрияга оид жами 12 та асар ёзган. Уларнинг номлари ал-Берунийнинг ўзи томонидан тузилган асарлар рўйхатида зикр этилган. Ибн ал-Ироқнинг “Геометрия бўйича саволларга жавоб” рисоласи 1910 йилда Г. Зутер томонидан немис тилига таржима қилиниб, нашр этилган.