
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Туғилган йили маълум эмас. Аммо унинг Фарғона водийси ғарбида, Сирдарё бўйидаги Хўжанд шаҳрида таваллуд топгани аниқланган. Бошланғич таълимни ўз ватанида олиб, кейинчалик Эроннинг Рай шаҳрида Бувайҳий амири Фахр уд-давла саройида хизмат қилган, 994 йилда ўша жойда астрономик кузатишлар олиб боргани маълум. Ал-Беруний Райда бўлган вақтида бир муддат у билан бирга ишлаган ва уни олим сифатида ҳурмат қилган. Ал-Хўжандий қаламига мансуб саккизта асар маълум бўлиб, улар астрономия, астрономик асбоблар ва геометрия масалаларига бағишланган.
Астрономик асбобсозликка катта ҳисса қўшган олим сифатида эътироф этилган. Хусусан, унинг Рай атрофида қурган секстанти (судс) машҳур бўлган. Ал-Беруний ал-Хўжандийни ўзининг “Геодезия” ва “Қонуни Масъудий” асарларида тавсифлаб, астурлоб ва бошқа астрономик асбобларни ясашда унинг тенги йўқ деб таърифлаган.
Илмий асарлари кейинги олимларга катта таъсир кўрсатган. Хусусан, фан тарихида “Фахрий секстанти” номи билан машҳур бўлган қурилма ХIII асрда Носириддин Тусийнинг Мароғадаги машҳур расадхонаси учун андоза қилиб олинган. ХIХ-ХХ асрлар Ғарб фан тарихчиларидан К. Броккелман, Е. Видеман, Г. Зутер, Ж. Сартон, Ф. Сезгин, Б. Розенфелд ва бошқалар ал-Хўжандий илмий меросига юқори баҳо берганлар.