Шайх Зиёвуддин Ибн Эшон Бобохон
1908-1982 yy.

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

1908 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Илк диний сабоқларини отаси Эшон Бобохондан олган. Ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кириб, ҳадис ва фиқҳ илмини ўрганган.
1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасига масъул котиб ва Ўзбекистон қозиси бўлган. 1947-1948 йиллари Мисрдаги Ал-Азҳар университетида таҳсил олган.
1948 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раис ўринбосари, 1957 йили раиси этиб сайланган ва умрининг охирига қадар ана шу вазифада самарали фаолият юритган. Унинг раҳбарлиги даврида 1945 йилда Бухородаги Мир Араб мадрасасининг фаолияти қайта йўлга қўйилган. 1961 йилдан диний бошқарманинг «Совет шарқи мусулмонлари»журнали нашр этила бошлаган. 1971 йилда Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти очилган, Қуръони карим ҳамда бошқа диний китоб ва адабиётлар чоп этилган.
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон дунёда тинчлик 
ва мусулмонлар бирдамлигини мустаҳкамлаш, халқлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатишга бағишланган халқаро анжуманларда маърузалар билан иштирок этган. Собиқ Иттифоқ, Иордания, Марокаш, Ливан мамлакатлари мукофотларига сазовор бўлган.
1982 йили Тошкентда вафот этган. Ҳазрати Имом мажмуасидаги Абу Бакр Қаффол Шоший мақбарасига дафн этилган.
Муфтий Бобохоновлар ҳақида замондошлар фикри
Доктор Иномуллохон,  Бутунжаҳон Ислом Конгрессининг Бош котиби, «Дин ва дунё» Бутунжаҳон Конференциясининг президенти: «Марҳум муфтий Зиёвуддинхон йирик олим, мутафаккир, Исломнинг машҳур арбоби ва буюк фидойиси эди. Ул зот тинчликнинг ҳақиқий курашчиси бўлган. Ҳазрати олийлари собиқ Иттифоқ мусулмонларини бошқа давлатлар мусулмонлари билан боғловчи бош бўғин ҳисобланардилар». (Макка,1983 й.)
Али Аксад,  Бангладеш Тинчликни ҳимоя қилиш ташкилоти раиси:  «Дунёда шундай инсонлар бўладики, улар қаерда туғилмасин, қайси миллат ва мамлакат вакиллари бўлмасин, улар бутун инсониятга тегишли бўладилар. Улар билан ҳамма бирдек фахрланади. Муфтий Зиёвуддинхон ана шундай инсонлардан эди». (Дакка, 1983 й.)
Людмила Солдадзе «Ибн Сино» романи муаллифи, ёзувчи:  «Шамсиддинхон Бобохоновда барча динлар руҳонийлари ибрат олса ва  ўрганса арзийдиган фазилатлар мавжуд эди. У киши ўзбек, араб, инглиз ва рус тилини, Ғарб ва Шарқ маданияти, адабиёти, тарихини, христиан ва яҳудолар дини асосларини жуда яхши билар эди. Бу эса унга ўз дини, эътиқоди тўғрисидаги теран фикрларни билдириш, баҳслар ва музокаларда доно, ёрқин фикрлари билан ғолиб чиқиш имконини берар эди. Шамсиддинхон ғайридинлар ва динсизлар билан суҳбатда уларни кўнглини оғритмасдан, камситмасдан, ислом дини ва Пайғамбари Муҳаммад (с.а.в.)ни инсоният тарихидаги улуғ ижобий ўрни ва аҳамиятини мулойимлик билан жонли, ишонарли хаётий мисоллар асосида кўрсата олар эди. Олийжаноб инсоннинг сўзида чуқур билимлари ва гўзал одоби қўшилганда ҳар қандай суҳбатдошнинг ҳам кўнгли очилар эди. Шамсиддинхон ислом дини моҳиятини ўрганишимга шахсан менда қизиқиш уйғотган, шу билан бирга мусулмонлик фалсафасини тўғри тушунишни ва ҳурмат қилишни ўргатган. У зотнинг таъсири билан менда ислом динига бўлган муносабатим бир умрга ижобий тарафга ўзгарди». (Москва,  1995 й.)
Шоислом Шомуҳамедов, Филология фанлари доктори, профессор,  1966-1990 й.й. ТДУ Шарқшунослик факультетининг декани, проректор.
Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазрат муқаддас дину эътиқодимиз учун қийин-қистовли замонда халқимизга тоғдай таянч бўлиб туриб бердилар, зеро ул муҳтарам зот, имкон борича, ўлкамизда мусулмонлар орасида имон-эътиқодни мустаҳкамлашда кўп фидойилик кўрсатган, исломий маърифат ва маънавиятимизнинг улуғ арбобларидан эди. Шундай одамлар туфайли ҳар дилда сўнмас эътиқод, деярли ҳар уйда Қуръони карим сақланиб қолди. Туғилган чақалоқлар қулоғига азон айтилиб, исм қўйилди, тили чиққан болага  «Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийим»деб нон тишлаш ўргатилди. Оталаримиз жанозасиз кўмилмади, улар қабри Қуръон тиловатисиз зиёрат қилинмади. Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазрат  -  буюк мутафаккир, кенг қиррали катта олим, олийжаноб инсонпарвар шахс, улуғ дин ва жамоат арбоби, меҳр-муруватли фарзанд, меҳрибон ота, камтарин, кечиримли инсон сифатида хотирамизда абадий сақланиб қолдилар».

ФИЛИМЛАР
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон
Шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон уруш даврида йўқолган беш ёшли қиз ҳақида нима деган эдилар?
Сохта мазҳабпарастларга раддия Марҳум муфтий Зиёвуддин қори ҳазратлари
Устозларга ҳурмат-эҳтиром ва Шайх Муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон хазратлари ҳақида
АУДИОЛАВҲАЛАР
ФОТОГАЛАРEЯ
ЭЛЕКТРОН КИТОБЛАР НУСХАСИ