
ТАРЖИМАИ ҲОЛ
Имом Бухорий (810-870 йй.) Имом Бухорий 810 йилда Бухорода таваллуд топган. Унинг отаси – Исмоил ўта илмли киши сифатида танилган бўлиб, ҳадис илми борасида Ҳаммод ибн Зайд ва имом Моликдан сабоқ олган. Имом Бухорий ҳам ўз отасининг илмий меросини жуда қадрлаган ва унинг исмини ўзининг «Катта тарих» китобига киритган. Имом Бухорийдаги илмга бўлган қобилият, ўта кучли хотира ёшлигиданоқ ўзини намоён қилган эди. Унинг асосий қизиқиши пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончли ҳадисларини ўрганишга қаратилган.
Имом Бухорий 16 ёшларида машҳур муҳаддис Абдуллоҳ ибн Муборак ва Вакий ибн Жарроҳнинг ҳадислар бўйича китобларини ёддан билган, ҳадис илмига оид атамаларни мукаммал ўзлаштирган, унинг асосий мактабларининг ўзига хос хусусиятларини ажрата олган.
Шу ёшида Имом Бухорий Маккага ҳаж амалини бажариш учун боради ва ушбу муборак шаҳарда ўзининг ҳадисга оид билимларини такомиллаштириш мақсадида қолишга қарор қилади. Имом Бухорий ҳадис йиғиш мақсадида жуда кўп мусулмон юртларига сафар қилган. Имом Бухорийнинг ҳадис илмида етук олим экани ўз замонасида эътироф қилинар ва шу эътироф ортидан атрофларига илм талабида кўплаб шогирдлар йиғиларди. Имом Бухорий ўша даврда халифаликнинг маркази бўлган Бағдодда ҳанбалий мазҳаби асосчиси Имом Аҳмад ибн Ҳанбалдан пойтахтда қолиш тўғрисидаги таклифлар олган, аммо ўз ватани Хуросонга қайтишни афзал билган. Имом Бухорийнинг асарлари орасида энг машҳур бўлгани «Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ»дир. Ундан ташқари тарихий воқеалар ва шахсларни чуқур таҳлил қиладиган, ҳадис илмининг асосларидан бўлган илмларга оид бир қатор ўта аҳамиятли китоблар ёзди. Имом Бухорийнинг илмий аҳамияти юксак бўлган бир нечта асарлар тасниф қилди: «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ», «Ал-адаб вал-муфрад», «Ат-тарих ал-кабир», «Ат-тарих ас-сағир», «Ат-тарих ал-авсат», «Ат-тафсир ал-кабир» «Биррул волидайн», «Асмо ас-саҳоба», «Кунялар» ва бошқалар. Улар орасидаги «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асари ислом оламида Қуръондан кейинги энг муҳим манба сифатида эъзозланувчи манба ҳисобланади. Имом Бухорийнинг ҳадислар тўплаш борасидаги қўйган шартлари бошқа муҳаддисларнинг шартларидан кўра аниқроқ бўлгани сабабли «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ» асари «Энг ишончли ҳадислар тўплаган» номига сазовор бўлган. Муҳаддислар ҳадисларнинг ровийларини ўзаро учрашганлари эҳтимоли мавжуд бўлса шунга кифояланишган, аммо Имом Бухорий эшитган ҳадисларининг ровийлари ўзаро учрашганини алоҳида кўрган гувоҳнинг эътирофини ҳам шарт қилиб қўйган. Бундай шарт бошқа муҳаддисларда учрамайди. Ҳофиз ибн Хажар ал-Аскалонийнинг ҳисобига кўра «Ал-жомеъ ас-саҳиҳ»даги ҳадисларнинг сони 7397 тани ташкил этади. Булар орасида такрорсизлари 2602 тани ташкил қилади. Изоҳлар, ровийларнинг ихтилофи ва иловаларни қўшилса китобда келтирилган ҳадислар сони 9082 тага етади. Айнан Имом Бухорий туфайли Мовароуннаҳр ҳудудида ИХ-ХИИ асрларда кўплаб ҳадисшунослик мактаблари шаклланди ва муваффақиятли фаолият юритди. Ҳозирги кунда олимнинг асарлари дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган ва ислом дунёсида унинг ижодидан кўплаб илмий тадқиқотларда фойдаланиб келинади.
Имом ал-Бухорий
Имом ал-Бухорий ҳаёт йўллари
Имом Бухорий