МАҚОЛАЛАР
Султоннинг ҳаётини асраб қолган шеър

Туркий сулолалар тарихида фавқулодда жасорати, ғайриоддий қисмати ва феъл-атвори туфайли ўзига хос из қолдирган ҳукмдорлардан бири ғазнавийлар сулоласининг энг йирик вакили Султон Маҳмуд Ғазнавийдир. Абулқосим Маҳмуд ибн Сабуктегин Ғазнавий (967-Ғазна, 1030) ўз замонидаги мамлакатларни бирлаштириш, ислом маданиятини тарқатиш ва илм-фанни ривожлантиришда катта ҳисса қўшган.

Маҳмуд Ғазнавий ёшлигида отасидан ҳарбий санъатни пухта эгаллаган. Жангларда отасининг қўшинида қатнашиб, катта жасорат кўрсатгани учун 994 йилда "Сайфуд-давла" ("давлат қиличи") унвони билан тақдирланган.

Унинг ҳукмронлиги даври, Хуросон ва Мовароуннаҳрдаги давлатларнинг парчаланиш даврига тўғри келади. Унинг давлат қурилиши ва сиёсий фаолияти, ислом маданияти ва фанининг ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Маҳмуд Ғазнавий давлат бошқарувини мукаммал тарзда ташкил этган. Қудратли ва жанговар ҳарбий қўшин ҳамда денгиз флотига эга бўлган. Шунингдек, у фалсафа, тиббиёт, математика ва адабиётга алоҳида эътибор қаратган. Унинг даврида жуда кўп маърифий ва илмий муассасалар, масжидлар, кутубхона ва мадрасалар қурилган. 

Султон саройида Фаррухий, Унсурий, Манучеҳрий, Утбий, Гардизий, Байҳақий, Фирдавсий каби шоирлар фаолият юритган. Султоннинг ҳарбий сафарларида буюк олим Беруний ҳамкорлик қилган. Абу Райҳон Берунийнинг машҳур "Ҳиндистон" (1030-1031) асари ушбу сафарлар натижасида вужудга келган. Маҳмуд Ғазнавий туркий, араб ва паҳлавий (форс) тилларини пухта билган. Ўз давлатининг пойтахти Ғазнада нодир китоблардан катта кутубхона яратган. Бу даврда ислом маданияти ривожланиши ва ислом дини тарқалишига катта ҳисса қўшган.

Маҳмуд Ғазнавий ва Фирдавсий (935-1020) муносабатлари билан боғлиқ маълумотлар турли-туман бўлса-да, султоннинг шоирга эҳтиромини кўрсатадиган далиллар жуда кўп. Султон Маҳмуд Фирдавсий билан юзма-юз мулоқотда бўлган ва унга саройда ижод қилиши учун етарлича шароитлар яратиб берган. Гарчи саройдаги вазирлар қутқуси билан шоирга етарлича ҳақ тўланмаган бўлса-да, бундан хабар топган султон дарҳол белгиланган миқдорда мукофот пулини шоирга етказишни буюрган, аммо афсуски, бу пайтда шоир ҳаётдан кўз юмган эди.

Шоирнинг султондан қаттиқ хафа бўлгани, унга атаб ҳажвия битгани ҳам аниқ гап эмас. Бир қатор олимлар бу ҳажвия кейинчалик Фирдавсий номидан тўқилган, аслида бу илованинг тили ва услуби “Шоҳнома”никидан тубдан фарқ қилади, деган фикрни илгари суришади.

Маҳмуд Ғазнавий ўз даврида, маданиятни ривожлантиришга, адабиёт ва  санъатни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор берди. Маҳмуд Ғазнавийнинг фаолияти ва улкан хизматлари, нафақат ўз замонида, балки кейинги даврларда ҳам ўз таъсирини ўтказди. Шарқ алломаларининг асарларида Маҳмуд Ғазнавий адолатли ва фуқаропарвар подшоҳ, балки илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси  сифатида ҳам тасвирланади.

Манбаларда Маҳмуд Ғазнавий билан боғлиқ турли ҳикоятлар учрайди. Жумладан, султоннинг яқин надими Аёз билан яқин муносабатлари ҳақида шеър ва афсоналар ёзма манбалар ва халқ оғзаки ижодида кенг тарқалган.

Маҳмуд Ғазнавий ўзига хос характер ва хислатлар соҳиби бўлган. Ривоятларга кўра, бир гал ғанимлари унга қарши суиқасд ҳозирлашади ва шахсий сартарошини шу ишга ёллашади. Сартарош ҳар доим султоннинг турли суратлар билан безатилган махсус хонасида соч оларди. Деворда саҳродаги бир туянинг янтоқ томон бўйин чўзаётгани акс этган бўлиб, унинг остида бир қатор форсий мисра битилганди. Сартарош соч олаётган пайтда бошини эгиб турган султоннинг кўзи беихтиёр ўша мисрага тушиб қолади ва уни овоз чиқариб ўқийди: “уштуро, кажгардано, донам чи хохий кардан-о!”.

Бу мисра “эй бўйни эгри туя, нима қилмоқчи эканингни билиб турибман” деган маънони англатарди. Тасодифан сартарошнинг ҳам бўйни эгри бўлиб, унга улфатлари “туя” деб лақаб беришганди. Қўлидаги устара билан қўрқа-писа султонни ҳеч ким пайқамайдиган жон томирини кесиб, уни ўлдириш учун пайт пойлаб турган сартарош бу сўзларни эшитиши билан қўллари қалтираб, устарани ерга тушириб юборади. Кейин ўзини султоннинг оёқлари остига ташлаб, “бир қошиқ қонимдан кечиринг, ғанимларингиз мени шу ишга мажбур қилишди” дея шафқат сўрайди. Шу заҳоти мулозимлари ичкарига кириб, сартарошни зиндонбанд этадилар. Сартарошнинг лақаби туя экани, султонни ўлдирмоқчи бўлгани шу тариқа фош этилади ва суиқасднинг олди олинади. Султон эса, уни ўлимдан асраб қолган сурат ва унинг остидаги мисра муаллифини топиб, уларни беҳисоб мукофотлар билан сийлайди.

Маҳмуд Ғазнавий 1030 йил 30 апрель куни Ғазни шаҳрида безгак касаллигидан вафот этади ва шу ерда дафн қилинади.