Хиванинг ўзига хос ташриф қоғозига айланган Калтаминорнинг лоақал суратини кўрмаган ҳамюртимиз бўлмаса керак. Минора Хива хони Муҳаммад Аминхон томонидан мадраса ёнида қурилган бу минора кўриниши кесик конус шаклида бўлгани учун “Калта минор» номини олган. Баландлиги 28 метр, диаметри 14,5 метр бўлган ушбу минора ўз даврида “Улли (улуғ) минор”, “Кўкминор” номлари билан ҳам аталган. Минора Муҳаммад Аминхон буйруғи 1852 йилда бошланган.
Машъум қирғин
Тарихчиларнинг ёзишича, ушбу минора қурилиши бошланган 1855 йилда Муҳамад Аминхон давлатга солиқ тўлашдан бош тортиб, Эрон шоҳига мойиллик кўрсата бошлаган Марв яқинидаги Серахс қалъасини қамал қилади. Қалъа ҳокими Ўрозхон Хива қўшинларидаги туркманларга мурожаат қилиб, хонга бўйсунмасликни сўрайди. Унинг илтимосига кўнган туркманлар жанг майдонини тарк этадилар.
Жангда Серахс ҳокиминнинг қўли баланд келади. Муҳаммад Аминхон яраланади. Хон соқчилари уни охирги томчи қонлари қолгунча ҳимоя қилиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлишади. Ўрозхон асир тушган хон ва унинг яқинларидан олти кишининг бошини танасидан жудо қилиб, Теҳронга Насриддин шоҳ Қожорга жўнатади.
Шоҳга туркманларнинг бу ўзбошимчалиги хуш келмайди. Унинг буйруғи билан Теҳронда дарвозаи Давлат мақбарасида баланд гумбаз қурдириб, бошларни ювиб, кафанлаб дафн эттиради. Муҳаммад Аминхоннинг бошсиз танасини Хивага олиб кетадилар. Унинг ташаббуси билан бошланган минора қурилиши ҳам тўхтаб қолади.
Муҳаммад Аминхондапн сўнг тахтни унинг ўғли Аваз иноқ эгаллайди. Орадан бироз фурсат ўтгач, унинг ўғли Элтузар иноқ ўзининг қирқта хос йигити билан Теҳронга бориб, бобоси Муҳаммад Аминхоннинг бошини келтиради ва Хивадаги гавдаси ёнига дафн этади.
Қанот чиқарган уста
Миноранинг битмай қолгани тўғрисида бир неча афсоналар тўқилган. Улардан бирига кўра, Хива хони устага дунёдаги энг баланд минорани қурасан, деб амр қилади. Уста бошлаган иш икки йил давом этади ва минора ҳам бўй чўза бошлайди. Бу миноранинг овозаси Бухоро амирининг қулоғига етади. Амир уста билан хуфиёна шартнома тузади. Унга кўра уста Хивадаги минорани битказгач, бундан ҳам баланд ва чиройли минорани Бухорода қуриб бериши керак экан.
Бу шартнома ҳақидаги маълумотларни эшитган Хива хони минора битгач, устани ўлдиришини айтади. Хоннинг машъум ниятидан хабар топган уста қочиб кетишни режалаштиради. Ўз навбатида хон устага минорадан тушмасдан ишлашни буюради.
Энди уста шогирдининг хизматига муҳтож бўлиб, унга қанот ясаш учун керакли бўлган қоғоз, қамиш, хода, ип каби ашёларни етказишни сўрайди. Аста-секин бу нарсалардан минора тепасида қанотлар ясаб, бир кун тонг саҳарда жанубга томон учиб кетади. Шундан кейин минора ҳам битмай қолган экан.
Кимнинг “кўз”и ўткир?
1873 йилда генерал губернатор фон Кауфманнинг буйруғига асосан подпоручик Григорий Кривцов хивалик бир қариядан ушбу минора ҳақида яна бир афсонани ёзиб олади.
Бир кун муаззин эрта тонгда мусулмонларни бомдод намозига чақириб, азон айтаётган пайтда миноранинг устки қисми муаззин билан биргаликда унинг ичига ўпирилиб тушади. Бу ҳол барча мусулмонларни ваҳимага солиб қўяди ва Аллоҳнинг бир каромати деб тушунилади. Шундан буён ҳеч ким бу миноранинг устига чиқмас ва азон айтмас эмиш.
Яна бир афсонада айтилишича, минора битган ва жуда баланд экан. Бир хорижлик келиб, унга қараган ва “Эҳ, ниҳоят баланд ва чиройли экан”, деб хитоб қилади. Ҳалиги ажнабийнинг “кўзи” бор экан. Минора қулаб тушади. Бу ҳолатни хивалик бир киши кузатиб турар, у ҳам “кўз” теккизишда беназир эди. Бу ҳолатни кўриб, “эҳ, кўзингга тасанно” деганида, ҳалиги ажнабийнинг кўзлари ситилиб тушади.
Қайта тикланган битиклар
Кўк миноранинг тепасига Огаҳийнинг битта шеърий тарихи битилган бўлиб, бу ёзувлар шўролар ҳукуматининг бошланиш даврида йўқотиб ташланган.
Кексаларнинг эслашича, 1932 йил, 1 Май байрами, ҳамма қўлига қизил матога ёзилган шиорларни кўтариб парадга чиқишади. Бирдан ёмғир ёғиб, шиорларни ювиб кетади. Шунда чеккада турган тақводор қариялар “кўрдингизми, сизларнинг шиорларингиз битта ёмғирга ҳам дош беролмади, ҳукуматингиз ҳам шундай, бизнинг минорамиздаги ёзувларни қаранг, юз йиллар ўтса ҳам кечагидек тураверади”, деб таъна қилишади.
Бундан ғазабланган ҳукумат аъзолари Калтаминордаги ёзувларини бешотар милтиқидан отиб йўқ қилишади. Хива шаҳрининг 2500 йиллик юбилейи арафасида бу ёзувлар қайта тикланади.
Минора тепасидаги битикларда «Фалак қасрининг устуни» жумласига тарих яширинган бўлиб, ундаги ҳарфлар қўшиб чиқилса, 1269 (1853)-йил келиб чиқади. Демак, 1853 йилда минора қурилиши тугалланган.