Американи машҳур сайёҳ ва денгизчи Христофор Колумбдан аввалроқ буюк аждодимиз Абу Райҳон Беруний кашф қилгани ҳақида жуда кўп ўқиганмиз ва эшитганмиз.
Маълумки, денгиз орти мамлакатлари ҳақида Колумбдан илгари ҳам турли тасаввурлар бўлган. Хусусан, скандинавиялик викинглар бундан минг йилча илгари олис қитъа ҳақида турли қарашларга эга бўлишган. Родос оролларида яшаган қадимий финикийлар ёки ўрта асрларда Сан-Франциско кўрфази орқали келган хитойликлар ҳам бу қитъага илк бор четдан қадам босишгани ҳақида даъволар бор. Марказий Осиё тарихи бўйича йирик мутахассис Фредерик Старрнинг тадқиқотларига кўра, Америка қитъасининг мавжудлигини айнан Абу Райҳон Беруний биринчи бўлиб илмий жиҳатдан тўлақонли исботлаб берган.
Беруний ёшлик чоғидаёқ ўз юртининг кенглигини ва узунлигини ўлчашга муваффақ бўлди. Дунё олимларнинг асарлари, улардан кейинги манбалар ва ўзининг мушоҳадалари асосида Ер куррасининг айлана шаклда эканлигини аниқлади.
Беруний давригача бўлган географлар 15 минг милдан иборат Евроосиё қуруқлигини “дунё океани” билан ўралган деб тушунтириб келишган. Лекин айнан Беруний ер юзининг бешдан уч қисми ҳақиқатан ҳам сув билан ўралгани эҳтимолини чуқур кузатиш ва мантиқ асосида рад этади. Қаттиқ минералларнинг аксарияти сувдан оғир эканлигини эътиборга олсак, сув билан тўла олам бу сайёрани жиддий номутаносибликка олиб келиши, бу эса вақт ўтиши билан сайёрадаги ҳаётни издан чиқариши Берунийни янгича хулосага чорлайди: Яъни уммон ортида Евроосиё материгидан бироз кичикроқ майдондаги қуруқлик мавжуд.
Орадан беш аср ўтиб, Колумб Американи ўзи билмаган ҳолда кашф этаркан, у Берунийнинг юқоридаги тадқиқотларидан хабардор бўлганми, йўқми, аниқ гап айтиш мушкул. Аммо, у яна бир ҳамюртимиз Аҳмад Фарғонийнинг Ер меридианини ўлчаш ҳақидаги хулосаларидан хабардор экани аниқ.
Гап шундаки, бундан минг йил аввал Аббосийлар томонидан ташкил қилиган “Байтул-ҳикма” академиясида фаолият кўрсатган Фарғоний у ерда фаолият кўрсатган яна бир буюк аллома Холид ибн Абдулмалик ал-Марварудий билан биргаликда 832- 833 йилларда Сурия шимолидаги Синжар даштида Ер меридианининг бир даражасини аниқлаш, Қуёш ва Ой ҳаракатларини кузатиш бўйича илмий изланишлар олиб борган. Тажрибалар натижасида бу миқдор 56,7 мил ёки 111,803 километр деган хулосага келинган. Ер айлана сифатида 360 даражага тенг экани бундан илгари ҳам фанда маълум эди. Шу нуқтаи назардан бу рақам 360 га кўпайтирилса, 40 249 келиб чиқади. Бу ўша пайтдаги ҳисоб-китобларга кўра, Ер экваторининг узунлигини англатган.
Бугунги ҳисоб-китоблар натижасида Экваторнинг умумий узунлиги 40075 километр экани аниқланган. Орадаги фарқ атиги 74 километр. Бундан 1200 йил аввал ал-Фарғоний ҳали бугунгидек замонавий техника, асбоб-ускуналар бўлмаган бир пайтда ана шундай мушкул ишнинг уддасидан чиққани, Экватор узунлигини 99.6 % аниқликда кўрсатиб берилгани кишини ҳайратга солади.
Фарғоний бу хулосаларини кейинчалик ўзининг «Астрономия илми асослари» асарида ҳам баён қилади. Орадан юз йиллар ўтиб, бу асар Ғарб тилларида ҳам таржима қилинади. Жумладан, асар илк бор 1135 йилда Йоханнес Хиспаниенсис томонидан лотин тилига ўгирилади ва Европа Уйғоний даврининг олимлари учун муҳим қўлланма вазифасини ўтайди.
1453 йилда Константинополь Усмонийлар томонидан забт этилгач, европаликлар учун Шарққа борадиган йўл ёпиб қўйилди. Шундай европа қироллари Шарққа, хусусан Ҳиндистонга борадиган бошқа йўлларни излашга киришдилар.

Ҳиндистонга янги йўл очиш орзусида юрган генуялик денгизчи Христофор Колумб ўша вақтда ватандошимиз Аҳмад Фарғоний қаламига тегишли бўлган мазкур китобнинг лотинча таржимасини ўқиб қолади. Шундан сўнг Колумб ал-Фарғоний маълумотларига таяниб, Англия, Португалия ва Франция қироллари ҳузурига боради ва Ер куррасини айланиб ўтиш мумкинлигини айтиб, ўз режасини таклиф қилади. Ниҳоят, 1492 йилда Испания қироллик оиласи Колумб билан шартнома тузади ва экспедиция учун маблағ ажратади. 1492 йил 3 август куни Колумб бошчилигида “Санта Мария”, “Пинта” ва “Иния” кемалари Испания қирғоқларидан йўлга чиқади.
Колумбнинг кундаликларида ёзилишича, унинг кемаси денгизда 70 кун адашиб, тўлқинлар измида сарсари сузган дамларда ҳам Фарғонийнинг кузатишларига таянади ва ниҳоят 1492 йил 12 октябрь куни Кариб денгизидаги Багама оролларидан бирини топади. Оролни Колумб “Сан-Салвадор” (Муқаддас Халоскор) деб атайди ва бу оролда Испания байроғини кўтаради. Шундан сўнг у Гаити ва Куба оролларини кашф этади. Ушбу ороллар Ҳиндистонга қарашли деб ўйлаган Колумб бу ердаги туб аҳолини “ҳиндулар” деб атайди.
Хуллас, дунё тарихида энг муҳим кашфиётлардан бири бўлган Америка қитъасининг кашф этилиши учун Колумбдан юз йиллар аввал Абу Райҳон Беруний, Аҳмад Фарғоний сингари аждодларимиз тамал тошини қўйиб кетган эдилар.