МАҚОЛАЛАР
Буюк Акбар: "Дунё бир кўприкдир..."

                                                     

Буюк Акбар (1542–1605) – бобурийлар сулоласининг энг қудратли ҳукмдорларидан бири, Ҳумоюннинг иккинчи ўғли бўлиб, 1542 йил 14 октябрда Амаркот қўрғони, Синд қишлоғида туғилган. 1556 йил 15 февралда 13 ёшида тахтга ўтирган. Дастлаб вазири Байрамхон оталиқ ёрдамида тахтни бошқарган, сўнгра балоғат ёшига етгач, мамлакатни мустақил равишда идора эта бошлаган.

У салтанатини кенгайтириш учун муттасил курашган. Aкбаршоҳ даврида Бобурийлар салтанати шимолда Балхдан тортиб жанубда Годовари дарёсигача (Кашмир ва Aфғонистон ҳудудлари билан), ғарбда Aрабистон денгизидан Шарқда Бенгалия қўлтиғигача бўлган улкан ҳудудни қамраб олган.

Акбар марказлашган салтанат тузиш мақсадида 1574 йилдан ички ислоҳотлар ўтказишга киришади: қўшин устида назоратни кучайтиради ва уни қайта ташкил етиб, янгидан қуроллантиради, мамлакатни янги маъмурий туманларга бўлади. Акбар никоҳ ришталари орқали Ражпут князликлари билан алоқаларни мустаҳкамлаган. Ражпутлар отлиқ қўшини Aкбар армиясининг асосини ташкил қилган.

Aкбар аҳоли орасида диний жиҳатдан ўзаро бирдамликка эришиш мақсадида ҳиндларни юқори мансабларга тайинлай бошлаган ва янги диний таълимот — “дини илоҳий”ни жорий этган. Бу дин ислом, ҳиндуизм, парсизм ва жайнизм таълимотлари қоришмасидан иборат бўлган. Бу динга эътиқод қилганлар Aкбарнинг марҳаматига сазовор бўлганлар.

Aкбар илм-фан, санъатга ҳам ҳомийлик қилган. Меьморчилик ва қурилиш ишларига катта эътибор билан қараган. У бунёд эттан иншоотларнинг дастлабкиси отаси Ҳумоюн хотирасига бағишлаб Деҳли шаҳрида қурдирган мақбарадир. Бино мармар қоплама билан безатилган, асосий бинонинг тўрт бурчагидан тўртта минора қад кўтариб турибди. Қўш гумбазининг силлиқ қовурғалари учининг энг юқори чўққида бирлаштирилиши темурийлар даври меъморчилигини эслатади.

 Акбариинг буйруғига биноан Агра, Лоҳур, Аллоҳобод каби шаҳарларда ҳам улкан қальа ва кўркам бинолар бунёд этилди. Булар орасида Акбарнинг ўзи 1569 йилда тамал тошини қўйиб берган Фотиҳпур шаҳри алоҳида ўрин тутади. Бу меъморий обида Акбарнинг Деккан ўлкасига 1602 йилги ғолибона юришлари шарафига ёдгорлик сифатида қад ростлаган.

Дарвоза пештоқига қуйидаги сўзлар битилган: «Бу дунё бир кўприкдир, ундан ўтиб боравер, лекин унинг устига уй қурмагин. Бу ўткинчи бир дунёдир, уни тоат-ибодат билан ўтказгин. Сенинг энг катта бойлигинг – қилган тоат-ибодатингдир. Шуни унутмагинки, бу дунё омад келиб-кетганини акс эттирувчи бир кўзгу холос».

Панж Махал мақбараси 1580 йилда Акбар ташаббуси билан бунёд этилган ёдгорликлар ичида алоҳида ажралиб туради. Бу мyкаммал бино беш қаватдан иборат пирамидасимон улкан ёдгорлик бўлиб, унинг хар бир қавати махсус серҳашам устунлар устига ўрнатилган. Агра ва Лаҳор қальалари хам бевосита Акбарнинг ҳомийлиги ва синчков назорати остида бунёд этилган. 15 йил давомида Акбарнинг фармони асосида 500 дан ортиқ бино қад кўтарди. Улар орасида Акбари Маҳал ва Жаҳонгири Маҳал кошоналари алохида маҳобат билан кўзга ташланади.

Бу даврдаги меъморий обидалар acocaн қизил мармар ва тошдан қурилган, меъморий услуб жиҳатидан Марказий Осиё мусулмонларига ва маҳаллий ҳинд усталарига хос меъморий саньат намуналарининг уйғунлашувини эслатади. Сержило ва сервиқор гумбазлар, баланд пештоқли арк ва равоқлар, дарё соҳили яқинида бунёд этилган маҳобатли қальалар, бинолар безагида мармарнинг кўплаб қўлланилиши, сержило ва жимжимадор нақшлар, ўймакорлик ишлари, турли илғор услубларнинг ўзаро мантиқий қоришувидан ана шу даврга хос нафас уфуриб туради.         

Aкбарнинг вазири ва дўсти Aбулфазл Aлломий унинг салтанати тарихига оид “Aкбарнома” асарини ёзиб қолдирган. Aкбар буюк давлат арбоби, қувваи ҳофизаси кучли, жасур, иқтидорли саркарда бўлган.

 Акбар Марказий ва Шимолий Ҳиндистонни ўзига бўйсундириб, мамлакатда юзага келган сиёсий тарқоқликка чек қўйган. Иқтисодий, сиёсий, маъмурий, ҳарбий ва диний ислоҳотларни амалга оширган. Усмонийлар, шайбонийлар, сафавийлар, шунингдек, Европа давлатлари билан алоқаларни кенгайтирган. У 1605 йил 26 октябрда Агра шаҳрида вафот этган.