...Бу сатрларни ўқимаган, лоақал унинг асосида яратилаган дилбар таронани эшитмаган ўзбек бўлмаса керак. Айни пайтга қадар қўшиқни ўнлаб хонандаларимиз турли даражада ижро этишган. Бу шеърнинг муаллифи ким, нима мақсадда битилган, кимга аталган – бу саволларнинг жавобини ҳамма ҳам билавермайди.
Албатта, асар муаллифи адабиёт мухлисларига яхши таниш – Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат (1858-1909). Ҳар бир банди олти қатордан иборат бўлган бу йирик шеър мумтоз адабиётда мусаддас, яъни олтилик дейилади. Мусаддас қуйидаги мисралар билан бошланади:
Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мендек,
Ол домини бўйнидин, бечора экан мендек,
Ўз ёрини топмасдан овора экан мендек,
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мендек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари бағри садпора экан мендек.
Кес риштаниким, қилсун чаппаклар отиб жаста,
Ҳажрида алам тортиб, бўлди жигари хаста.
Тоғларға чиқиб бўлсун ёри била пайваста,
Кел, қўйма бало доми бирла они побаста,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мендек,
Куйган жигари багри садпора экан мендек...
Шеър мазмунига кўра, лирик қаҳрамон саҳрода ўзининг ўлжаси бўлган оҳунинг бўйнига арқон боғлаб, сўйишга олиб кетаётган овчини кўриб қолиб, шу жониворни банддан озод қилишини сўрамоқда.
“Ўлжангни қўйиб юбор, менга ўхшаган жаҳонгашта экан. Бечоранинг бўйнидаги арқонни ечиб ташла. У ҳам менга ўхшаб ўз ёрини тополмасдан овора экан, мендек ҳижрондан ўртанган бахтиқаро, жигар-бағри куйган бечора экан. Арқонни кесиб юбор, жонивор сакраб-сакраб тоғларга, жуфтининг, севгисининг ёнига бориб, ҳижрон азобларидан қутулсин. Шу беозор жонзот сенинг даврингда бу беш кунлик дунёда ўз тенгдошлари билан ўйнаб кулиб қолсин, қисқагина умрини сенинг дуо қилиб ўтказсин. Бу шўрликка раҳминг келсин, кўзидан оқаётган ёшларга қара. Ўзига раҳминг келмаса унинг йўлдошига ичинг ачисин. Баҳор келганида мен ҳам бир гуллар, майсаларни кўрай деб сенинг домингга илиниб ўтирибди. Агар ниятинг сотиш бўлса, айт мен сотиб олай. Шўрликнинг ҳуши ҳам жойида эмас, кўнгли ғам сели билан вайрон бўлганга ўхшайди...”
Шеърнинг қисқача мазмуни шу. Унинг тарихи ҳақида турлича фикр-мулоҳазалар билдирадилар. Масалан шўролар даврида Фурқатни пролетариат куйчисига чиқарган айрим олимлар бу шеър билан бойлар, ҳукмдорлар қўлида жабр-зулм кўрган оддий халқни шоир асирга тушган оҳу кўринишда тасвирлаган, деб баҳо беришган.
Олимларимиздан яна бири бу ерда сайд яъни ов Ватан тимсоли, сайёд, яъни овчининг чангалига тушган она Туркистон, шоир ўз ватанининг ғаним қўлидан озод бўлишини истайди, дея шарҳ берган.
Фурқат бу шеърида ўзининг муҳаббат тарихини битган, дегувчилар ҳам учрайди. Айтишларича, Фурқат кўнгул қўйган ёш қиз ўз уйида ёғ доғлаб турган пайти қозонга тушиб фожиали ҳалок бўлади. Бу шумхабар шоирга оғир таъсир қилади. Бир неча ўзини қўярга жой топа олмай юрганда, саҳрода оҳуни ўз домига илинтирган овчига дуч келади. Кийикнинг мунгли кўзлари унга севгилисининг хумор кўзларини эслатади. Шоир овчига кийикни қўйиб юборишни сўраб шу шеърни ўқийди.
Бошқа бир талқинга кўра, Фурқатнинг Саъдулло исмли дўсти ўз аёлидан бевақт жуда бўлади ва келиб шоирга ўз ғам-андуҳларини баён қилади. Шоир унинг дардини қандай қоғозга тўкишни билмай юрганида, саҳрода ўз ўлжасини судраб кетаётган овчини кўриб қолади. Кейин унинг қўлига тушган оҳу ва дўстининг дарди ўртасидаги кўринмас боғлиқликни илғагандек бўлади. Сўнг шу каттагина шеър дунёга келади.
Ушбу мусаддаснинг ёзилишида халқ орасида машҳур бўлган “Лайли ва Мажнун” достони сабаб бўлган дегувчилар ҳам бор. Халқ достонларидан бирида Саъдулло исмли овчи домига илинган кийикни энди ҳалолламоқчи бўлиб турганида, Мажнун келиб қолади ва йиғлаб, жониворни банддан озод қилишни сўрайди. Шу манзара Фурқатга қаттиқ таъсир қилган ва кейинчалик машҳур мусаддасни битган бўлиши ҳам мумкин.
Дарҳақиқат шеърнинг сўнгида “Фурқатда бу Саъдулло ҳайронага ўхшайдир” мисраси бежиз киритилмаганга ўхшайди. Нима бўлганда ҳам бу асар буюк ўзбек шоири Фурқат ижодининг энг дилбар намуналаридан бири бўлиб қолди.