Баҳоуддин Нақшбанд — Ислом оламида машҳур бўлган тасаввуф зотларидан бири бўлиб, у Нақшбандия тариқатининг асосчиси ҳисобланади. У 1318 йил 14 март куни Бухоро шаҳри яқинидаги Қасри Орифон қишлоғида туғилган. Отаси тўқимачилик билан шуғулланган ҳунарманд бўлиб, Баҳоуддин илк тасаввуф таълимини Шайх Муҳаммад Бобо Самосий ҳузурида олган. Кейинчалик у Амир Кулол, Қусам шайх ва бошқа мўътабар шайхлардан маънавий тарбия олган. Баҳоуддин Нақшбанд руҳий тарбияда Абдулхолиқ Ғиждувоний таъсирида бўлган Увайсий йўлни қабул қилган.
Баҳоуддин Нақшбанд бутун ҳаёти давомида жуда камтар ва оддий ҳаёт тарзига амал қилган. Унинг таълимотида “Дил Аллоҳда, қўл ишда бўлсин” деган шиор муҳим ўрин тутади. Бу сўзлар унинг дунёқараши, зикр тарзи ва ҳаётга муносабатини тўлиқ ифода этади. У зикр қилишда овоз чиқармасликни, яъни “овозсиз зикр” ни тарғиб қилган, бу орқали қалб покланиши ва инсоннинг ички олами ислоҳ бўлишига эътибор қаратган. У ўз шогирдларига ҳеч қачон ўзини бошқалардан устун тутмасликни. Доимо халқ ичида бўлиб, меҳнат қилиш ва ижтимоий фойдали ишлар билан шуғулланишни ўргатган. У бутун ҳаёти давомида 32 марта Ҳажга борган.
Баҳоуддин Нақшбанд вафотидан сўнг унинг қабри у туғилган Қасри Орифонда жой олган ва бу жой йиллар давомида зиёратгоҳ сифатида сақланмоқда. 1544–1545 йилларда Абдулазизхон томонидан мазор атрофида хонақо, масжид ва бошқа бинолар қурилган. Бу зиёратгоҳ сўнгги ўн йилликларда тўлиқ қайта тикланди ва 2023 йилда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига “Зарафшон-Қарақум йўли” доирасида киритилди. Ҳозирда у нафақат диний, балки тарихий, маданий ва маънавий аҳамиятга эга марказлардан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Баҳоуддин Нақшбанднинг таъсири нафақат Марказий Осиёда, балки Туркия, Ҳиндистон, Кавказ, Эрон, Афғонистон, Россия, ҳатто Африкагача етиб борди. Нақшбандия тариқати ҳозирги кунгача фаолият юритиб келмоқда ва унинг асосий қадриятлари — поклик, зикр, халқ орасида бўлиш, меҳнат, хоксорлик каби тушунчалар бугун ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда. Баҳоуддин Нақшбанднинг ҳаёти ва мероси Ислом маънавиятининг юксак намунаси сифатида қадрланади. Унинг мазорига ҳар йили юзлаб минглаб зиёратчилар ташриф буюради ва бу жойда амалга ошириладиган зиёрат, баъзи ривоятларга кўра, Ҳаж ибодатига тенг деб қаралади. Унинг ҳақида турли тилларда китоблар ёзилган, тадқиқотлар олиб борилган, шунингдек, у тарих, маданият ва маънавият соҳаларида чуқур ўрганишга арзийдиган сиймолардан бири ҳисобланади.