МАҚОЛАЛАР
Мармарда муҳаббат, сояда — сир: Қора Тожмаҳал

1526–1858 йиллар оралиғида Ҳиндистонни бошқарган Бобурийлар сулоласи нафақат сиёсий, балки маданий ва меъморий жиҳатдан ҳам ўчмас из қолдирди. Улар Ҳинд заминига ўзлари билан бирга янги нафас, янги тамаддун, исломий илмий ва бадиий анъаналарни олиб келиб, маҳаллий маданият билан уйғунлаштиришга муваффақ бўлишди. Бу даврда юзага келган энг машҳур ёдгорликлардан бири — дунё мўъжизаларидан бири сифатида тан олинган Тожмаҳал.

                              Бобурийларнинг муносиб вориси

      Шоҳжаҳоннинг асл исми Шаҳобиддин Муҳаммад Хуррам бўлиб, у 1592 йил 5 январда Лаҳорда туғилган. 1608 йилда Фируз-Ҳисор вилоятига ҳоким этиб тайинланган.

 Бобурийлар сулоласининг учинчи буюк ҳукмдори Шоҳжаҳон 1628 йилдан 1658 йилгача Ҳиндистонда ҳукмронлик қилди. Унинг ҳукмронлик даври Ҳиндистонда Бобурийлар империясининг энг ёрқин даври сифатида тарихда мустаҳкам ўрин олган.

 У нафақат сиёсий жиҳатдан кучли ҳукмдор сифатида, балки санъат, меъморчилик, илм-фан, адабиёт ва маънавият соҳаларида ҳам катта ютуқларга эришган. Шоҳжаҳоннинг маданий ва маърифий ишлари ҳукмронлиги даврида Ҳиндистондаги маданий меросни янада бойитишга хизмат қилган.

                             Муҳаббатдан яралган обида

 Шоҳжаҳон 1612 йилда тоғасининг қизи Аржуманд бонуга уйланган. У ҳаддан ташқари гўзал ва оқила малика бўлгани сабабли у саройда Мумтоз Маҳал, яъни Саройнинг зийнати, сараси дея шарафланган.  

 Маъдумотларга кўра, Шоҳжаҳон уни бениҳоя қадрлаган, Аржумандбону ҳам бутун умр унга садоқат билан яшаган   ва ундан

 16 фарзанд кўрган. Шоҳжаҳон севимли аёли  кенжа фарзандини дунёга келтириш чоғида вафот этгач,  унга атаб, Агра шаҳрида, Жамна дарёси бўйида жаҳонга машҳур Тожмаҳал мақбарасини барпо қилган.

 1632-1653 йиллар давомида қурилган бу бебаҳо муҳаббат қаснинг қурилишида Лоҳурлик Устод Аҳмад Лоҳурий  Тож Маҳалнинг асосий меъмори бўлган. Шунингдек, Туркия, Эрон, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистоннинг энг машҳур меъморлари, 20 мингдан ортиқ қурувчи, тоштарош, наққош, хаттот ва қуллар иштирок этган.

 Тож Маҳал нафақат меъморий ютуқлар, балки бутун дунёга машҳур бўлган исломий ва ҳинд услубларини бирлаштирган меъморчиликнинг энг юксак намуналаридан бири сифатида танилган. Бино ўзининг мунгли тарихи, бетакрор меъморий ечими, мармар узра чекилган нозик нақшлар ва фавворалари билан инсоният маданиятининг буюк намунасига айланди. У ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган ва дунё мўъжизаларидан бири сифатида тан олинган.

                              “Тожмаҳал” ёлғиз бўлмаган       

 Маълумотларга кўра, Шоҳжаҳон Жамна дарёсининг нариги қирғоғида, Тожмаҳалнинг қаршисида унинг қора рангли эгизагини яратиш орзусида бўлган. Вақти қазоси етса, Шоҳжаҳон ўзини ана шу қора қасрда давн этишларини орзу қилган. Ҳатто бу мақбара қурилишига катта маблағ ажратилиб, ишлар бошланиб кетган.

 Аммо 1658 йилда отасига қарши исён кўтарган шаҳзода Оламгир (Аврангзеб) Шоҳжаҳон тахтдан ағдариб, уни уй қамоғига маҳкум қилади. Тахтга отасидан кейинги асосий даъвогар бўлган акаси Дорошукуҳни ҳам қал эттиради ва ўзини шаҳаншоҳ деб эълон қилади. Шоҳжаҳон умрининг сўнгги ойларини ўз уйининг қаршисидаги ҳужрада, ўзи бунёд этган Тожмаҳалга ҳасрат билан термилиб ўтказади. Унинг яна бир орзу – Тожмаҳалнинг қора эгизагини кўриш унга насиб этмайди.

 Олимлар томонидан Тожмаҳал атрофида олиб борилган изланишлар натижасида катта миқдорда қора мармар бўлаклари топилгани, бу ерда ушбу “эгизак” учун анча-мунча иш қилинганини англатади.

                       “Тожмаҳал”ни йўқ қила олишадими?

 Мажмуанинг умумий майдони бугунги кунда 1,2 гектарни ташкил қилади. Мақбара гумбазигнинг баландлиги 73 метрни ташкил қилали. Мажмуа таркибидан мақбара, масжид ва қўшимча бинолар ўрин олган. Оппоқ мармардан бино қилинган бу бино вақт ўтиши сарғая бошлаган.

 Мутахассислар бунга иқлим ўзгаришлар, ҳавонинг ифлослниши, Агра шаҳри ҳудудидаги ишлаб чиқариш корхоналар ва транспорт воситаларидан чиқаётган заҳарли газлар сабаб бўлган. Шунингдек, бинонинг яқинидан оқиб ўтган Жамна дарёси таъсирида бино деворларида тирқишлар юзага келган.

 Айни пайтда бинони асраб қолиш учун давлат томонидан ҳар йили катта маблағ, мутахассислар ажратилаётган бўлса-да, айрим миллатчилик кайфиятидаги ҳиндпараст кучлар уни батамом йўқ қилиш талаби билан ҳам чиқишган. Уларнинг даъвосига кўра, “Тожмаҳал ҳиндларнинг қадимий ибодатхонаси ўрнида бунёд этилган. Бу обида ҳинд заминига келиб ўрналган келгинди ҳукмдорлар мероси, мусулмон маданияти намунаси бўлгани учун у Ҳиндистоннинг тимсоли, ташрифномаси бўлиши мумкин эмас”.

Хулоса қилиб айтганда, Тожмаҳал — бу фақатгина муҳаббат рамзи эмас, цивилизациялар қарама-қаршилиги уларнинг уйғунлашувидан яратилган дунё мўъжизаси. Қора Тожмаҳал орзуси амалга ошмаган бўлиши мумкин, аммо унинг атрофидаги ривоятлар ушбу ёдгорликка янада сирлилик ва чуқур маъно бағишлайди.                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                                    Дурдона РАСУЛОВА