Обиджон Маҳмудов (Обиджон Абдулхолиқ ўғли Маҳмудов, 1871-1936 йй.) – Туркистондаги жадидчилик ҳаракати вакили, йирик сармоядор, ношир ва жамоат арбоби ва сиёсат арбоби, Фарғона тараққийпарварларининг пешқадам вакилидир. У 1871 йили Марғилонда туғилган. Санкт-Петербург университетининг тоғ-кон муҳандислиги факультетини тугатган. У халқимиз орасидан етишиб чиққан биринчи тоғ-кон муҳандисидир. Қўқонга қайтгач, тоғ-кон саноати билан шуғулланиб, Фарғона водийсида бир неча нефть конларини очишда иштирок этган. Шўрсувдаги олтингугурт конини сотиб олган.

Фарғона водийсидаги жадидчилик ҳаракатида қатнашган ва уларни моддий жиҳатдан таъминлаб турган. 1914 йилда Қўқонда босмахона ташкил қилган. 1914 йилда “Садои Фарғона”, 1917 йилда “Тирик сўз” ва шу йил рус тилида чиққан “Ферганское эхо” газеталарининг муҳаррири ва ношири бўлиб ишлаган. Бу нашрлар нафақат Туркистонда, балки Россия мусулмонлари орасида ҳам машҳур бўлган.
Обиджон Маҳмудов жадид матбуотида долзарб мақолалари билан қатнашиб, маърифат, озодлик, ҳурлик ғояларини тарғиб этишга, халқнинг онгини, савиясини кўтаришга интилди.
О.Маҳмудов Туркистоннинг мустақил республика бўлиши тарафдори ва бунга етишиш учун фаол ҳаракат қилган жадидлардан бири эди.
У 1917 йилда Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари, 1917-18 йилларда Туркистон Мухторияти ҳукуматининг озиқ-овқат вазири, Мухторият тугатилгач, 1919-21 йилларда Москвага бориб, РСФСР Миллатлар ишлари халқ комиссарлиги қошидаги Туркистон ваколатхонасида матбуот бўлими мудири ва бошқа лавозимларда ишлаган. 1921 йилда Тошкентга қайтгандан сўнг, дастлаб Туркистон МИҚ да ишлаган, сўнг Фарғона водийсига бориб, “Миллий иттиҳод” ташкилотининг бўлимини тузган ва советларга қарши фаолият олиб борган.
Совет режими томонидан бир неча марта қамоққа олинган. Атоқли маърифатпарвар Обиджон Маҳмудов 1936 йилнинг 21 ноябрида оғир хасталиқдан вафот этди.
Обиджон Маҳмудовнинг илмий фаолияти Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ёритилади.