XI-XII аср хоразмшоҳлар давлатида яшаб, фаолият юритган Исмоил Журжоний сарой табиби бўлган. У энциклопедик олим, тиббиётга оид бир қанча асарлар муаллифи ҳисобланади.Унинг тўлиқ исми Зайниддин Абу Иброҳим Исмоил бин Ҳасан бин Аҳмад бин Муҳаммад ал-Ҳусайний ал-Журжонийдир. У 1042 йили Журжон шаҳрида туғилиб 1136 (айрим манбаларда 1139) йили Марв шаҳрида вафот қилган. Журжонийнинг хоразмшоҳ Қутбиддин Муҳаммад бин Ямуниддин (1097-1128)га бағишланган тиббиёт ва касалликларни даволашга оид қомусий асари “Захираи хоразмшоҳий” анча шуҳрат қозонган. Асар 10 қитобдан иборат бўлиб, 9 китоб ва қўшимча “Қорабодиён” китобидан таркиб топган. Асар форс тилида ёзилган. “Захираи хоразмшоҳий” асарининг Журжоний томонидан қисқартирилган (мухтасар) версиялари ҳам мавжуд. “Захираи хоразмшоҳий” асарининг ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида бир қанча (9 та) нусхаси сақланади.
Таниқли олим Ҳ.Ҳикматуллаев 1994 йили ўзи нашрга тайёрлаган “Шарқ табобати” китобининг 63-бетида: “Ибн Синонинг араб тилида ёзилган “Тиб қонунлари” асаридан кейин форс тилида ёзилган иккинчи тиб қнунлари саналмиш “Захираи хоразмшоҳий” асарини ўзбек тилига изоҳли таржимасини ҳозирги замон талабига кўра бажариб, ўзбек, нафақат ўзбек, балки туркий халқлар ўртасида тарқатиш ва уни илмий тадқиқ қилиш, ўрганиш масаласи ҳеч кимнинг келганича йўқ”, - деб таъкидлаган эди.
ЎзФА Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида №8263/I рақам остида сақланаётган тиббиётга оид ўзбекча қўлёзма “Захираи хоразмшоҳий” асари 6-китобининг бошланиш қисми ҳисобланади. Мазкур қўлёзма тўлиқ бўлмай, у палеографик белгиларига кўра, XVIII асрда Хоразмда форс тилидан ўзбек тилига таржима қилинган. Қўлёзмада котиб ва таржимоннинг номи келтирилмаган, таржима қилинган ва кўчирилган йили ҳам маълум эмас. Ушбу нусха 72 варақдан иборат.
Исмоил Журжонийнинг ҳаёти ва ижоди бирмунча ўрганилган бўлишига қарамай, у қолдирган илмий мерос тўлиғича тадқиқ қилинмаган.

Хоразм Маъмун академияси тасарруфида 2003 – 2005 йилларда “Исмоил Журжонийнинг “Захираи хоразмшоҳий” асари ва унинг Марказий Осиёда тиббиётни ривожланишидаги аҳамияти” мавзусидаги П-4.36 шифрли грант лойиҳаси бажарилган. Шу мавзуда 2008 йили инновацион лойиҳа амалга оширилган бўлиб, лойиҳа натижалари асосида 2008 йили Тошкент шаҳрида рус тилида “Захираи хорезмшахи” Исмаила Джурджани и его вклад в развитие медицины Центральной Азии” номли монография нашр қилинди. Шунингдек, 2008 йили “Исмоил Журжонийнинг “Захираи хоразмшоҳий” асари ва унинг Марказий Осиёда тиббиётни ривожланишидаги аҳамияти” мавзусида Хива шаҳрида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
2017 йилнинг кузида Урганч шаҳрида яшовчи Рустам Искандаровнинг уйидан “Захираи хоразмшоҳий” асарининг ўзбек тилига таржима қилинган ноёб қўлёзма нусхаси аниқланди. Асарнинг ушбу таржима нусхаси тўлиқ бўлмай, унда “Захираи хоразмшоҳий” асаридан ўрин олган 9-китобдан 1-8 китобларининг таржимаси акс этган.
Қўлёзманинг ўлчами 37х25 см атрофида бўлиб, қалин жилдга эга. Сарғиш қоғозга қора сиёҳда ёзилган. Боблар қизил сиёҳда алоҳида ажратилган. Қўлёзма яхши сақланган. Қўлёзманинг баъзи саҳифаларида фойдаланувчилар томонидан қалам билан ёзилган изоҳлар учрайди. Асарнинг бошидан 1-2 саҳифа йўқолган. Қўлёзма жилдига ўйиб ишланган нақш ўртасида киши исми ёзилган. Биз ушбу исмнинг бир қисмини ўқишга муваффақ бўлдик. Аниқлашимизча мазкур исм Муҳаммад Карим тарзида ёзилган. Фикримизча, Муҳаммад Карим “Захираи хоразмшоҳий” асарини форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган котиб бўлиши мумкин.
Изланишларимиз натижасида XVIII-XIX асрларда Муҳаммад Карим исми билан фаолият кўрсатган қуйидаги шахслар аниқланди:
1.Домулло Муҳаммад Карим– Боқчали масжидида муаззин бўлган. Ўғли Домулло Отажон котиблик билан шуғулланган;
2.Муҳаммад Карим-бек – ўғли домулло Муҳаммад Расул котиб бўлган;
3.Муҳаммад Карим девон – ўғли домулло Муҳаммад Ризо охунд бир қанча китобларни кўчирган;
4.Қози Муҳаммад Карим – ўғли Муҳаммад Шариф охунд – Хақирий тахаллусли шоир бўлган ва котиблик билан ҳам шуғулланган.
Асар бугунги тиббиёт соҳаси тармоқлари учун муҳим илмий янгиликларни бериши шубҳасиз. Жумладан, бундан 900 йил олдин Марказий Осиёда, хусусан ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида тиббиёт қанчалик юксак даражада ривожланганини гувоҳи бўлишимиз, тиббиёт соҳасидаги ўша даврларда мавжуд бўлган анъана ва тажриба асосларини бугунги замонавий тиббий билим ва кўникмалар билан қиёслаш имконияти пайдо бўлади. Бу эса, пировард натижада минг йиллик тарихга эга тиббиёт фанимизнинг илдизлари билан бугунги тезкор ва замонавий медицина ютуқларини омухталаш ва касалликларни олдини олиш, ташхис қўйиш, янгича даволаш услубларини яратишга йўл очиб беради.
“Захираи хоразмшоҳий” асарининг ўзбекча таржимаси акс этган ушбу қўлёзма тиббиёт соҳасида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, асарни бугунги жорий имлога табдил қилиш ва нашр қилиш ниҳоятда зарур ҳисобланади.
Анвар МАТНИЯЗОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
Нашрлар илмий бўлими етакчи илмий ходими,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори,
катта илмий ходим