Ўзбекистон тарихи, маданияти ва санъати, умуман, моддий ва номоддий меросининг илдизлари тарихан энг қадимги даврлардан шаклланган ва тараққий этган. Жаҳон цивилизацияси ривожига бемисл ҳисса бўлиб қўшилган ватанимиз ҳудудидаги кўҳна тамаддунлар ўтроқ ва ярим кўчманчи турмуш тарзига асосланган қадимги халқлар – сак, массагет, хоразмий, суғдий, бақтрий ва фарғоналиклар томонидан яратилган.
Бу халқлар ўз даври учун муҳим бўлган, ҳаттоки бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган, кишилик жамиятини янги поғонага олиб чиққан оламшумул ихтиро ва кашфиётлари орқали беқиёс тамаддунга эга бўлдилар. Тарихан ҳозирги Ўзбекистоннинг воҳа ва водийларида ўтроқлашган аҳоли чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланар экан, аста-секин шаҳарсозлик анъаналари ҳам ривожлана борди. Бу ҳолат ҳунармандчилик ва савдо-сотиқни ривожланишига олиб келди. Яшаш тарзи чорвадорликка асосланган сак ва массагет қабилалари жунга ишлов бериш орқали кигиз, гилам тўқиш, кийим тикиш, яъни тўқимачилик соҳасини ривожлантирдилар. От боқиш ва йилқичилик ўз навбатида жанг санъатининг тараққий топишини таъминлади. Шаҳар қурилиши, яъни шаҳарсозлик бир қанча соҳалар ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Қўшни ўлкалар билан бўлган савдо-сотиқ нафақат йирик шаҳарларда, балки мамлакат доирасида пул-товар муносабатларини вужудга келтирди. Шаҳарлар марказида ва атрофида бозорлар фаолият кўрсата бошлади. Айтилаётган ҳудудларда ташкил топган давлатлар ўз танга-пулларини зарб қилди. Бу ўша давлатларнинг иқтисодий ўсишини таъминлади. Доимий қўшинга эга бўлиш ҳар бир давлатнинг мавжудлиги кафолати бўлиб, мунтазам армияни сақлаш, чегара ҳудудларини ҳимоя қилиш катта маблағ талаб қиларди. Давлат асослари шаклланар экан, аввало бунинг негизида давлатчилик ғоялари, ўша халқнинг ёки ҳукмдор доиралар манфаатига хизмат қилувчи мафкураси бўлиши табиий эди. Давлат ва унинг структураси ўша мафкурага хизмат қилган. Давлатнинг энг устувор ғоялари фуқаро онгига сингдирилган, унинг атрибутлари муқаддаслаштирилган. Давлатнинг кучи унинг ҳудуди, аҳоли нуфузи, иқтисоди, бойликлари ва албатта қуролли кучлари билан ўлчанган. Ер ости ва ер усти бойликлари давлатнинг таянчи бўлиши билан бирга босқинчи давлатларнинг доимий диққат марказида турган. Қулдорлик тузуми, ер эгалиги, деҳқон хўжаликлари, савдо ва ҳунармандчилик ўша давр давлатлари ҳақида умумий тасаввур уйғотади. Йирик давлатлардаги шаҳарлар қиёфаси, квартал типидаги уй-жой массивлари шаҳар аҳолисининг типик турмуш тарзини ифодалар эди. Шаҳар маданияти шаҳар аҳолисининг эҳтиёжлари натижасида шаклланган. Ҳунармандчилик ривожланиб, керамикага ишлов бериш сопол буюмларни ясашни санъат даражасига олиб чиқди. Моҳирона ишлов, нақш ва безак бериш ҳар бир буюмни бадиий қимматини ошириб, ўша давр инсонларининг эстетик дидини белгилаб берган. Металлургия тараққий этиб, метал эритиш ва устахоналарда темирга ишлов бериш орқали барча соҳаларни баравар ривожланишига сабаб бўлди. Қурол-яроғ, иш қуроллари, хўжалик буюмларини ясашда металнинг ўрни беқиёс бўлган. Тилла ва кумушдан ясалган буюмларга эҳтиёж ошган. Заргарлик маҳсулотлари, асосан зодагонлар ва амалдорлар учун тайёрланар эди. Бир сўз билан айтганда, фаровон турмуш, осудалик ҳукм сурган давлатларда маданий жараён ривож топди. Санъат, айниқса унинг амалий тури фавқулодда кенг қулоч ёзди. Шоҳона саройлар, ундаги ҳашамдор колонна ва аркалар, мармардан ишланган фаввора-ю нафис ҳайкаллар нафақат моддий фаровонлик рамзи, балки санъатга бўлган ошуфталик белгиси ҳам эди. Кучли давлатчилик анъаналари Турон заминидаги илк давлатларни Шарқнинг Миср, Бобил, Мидия, Форс, Ҳиндистон ва Хитой каби қадимги давлатлари қаторидан жой олишига имкон берди. Қадимги Хоразм давлати ўзининг жўғрофий жойлашуви жиҳатидан муҳим савдо йўли чорраҳасида жойлашган эди. Бу жиҳат хоразмликларни асрлар давомида шимолда Волга ва Урал дарёлари бўйларидаги халқлар билан ўзаро савдо-сотиқ қилиб келишига замин яратган. Ҳинд ва Хитой билан кечган алоқаларда савдо-сотиқдан ташқари ҳунармандчилик ва санъат соҳасида ҳам муҳим ютуқларга эришилди. Қадимги Хоразмда чинни ишлаб чиқариш технологиялари мустақил тарзда ривожлангани, ложувард рангли кошинлар, оқ тош кукунини кўк тош эритмасига қўшиб ложувард, яшил тош эритмасига қўшиб зумрад рангли кошинлар тайёрланиши ҳамда буларни Миср ва Бобил архитектурасида қўлланиши, Миср миххатини туронликлар томонидан Бобил хатига мослаштирилиши каби инновациялар фан ва технологияларни нечоғли ривожланганидан далолат беради.
Милоддан аввалги XIII-XI асрларда Авесто алқовларининг оғзаки варианти шаклланган. Зардушт келиши билан Авесто қисмлари тўпланиб, яхлит китоб ҳолига келтирилади. Милоддан аввалги VIII асрда Турондаги илк давлат – қадимги Хоразм давлати барпо бўлади. Бу давлат ўз тили ва ёзувига эга бўлиб, хоразмшоҳлар ўз номидан танга зарб қилар эди. Йирик шаҳарлари Кўзалиқир ва Хазорасп ҳисобланган. Юнон тарихчиси Геродот ўзининг “Тарих” китобида қадимги хоразмликлар Амударё бўйларида яшагани ҳақида маълумот беради. Дарҳақиқат, Геродот ёзганидек, қадимги хоразмликлар дарё бўйларида ўртада гулхан ёқиб, қўшиқ куйлаб, олов атрофида рақсга тушар эдилар. Олов атрофида исиниб оёқ устида ўтирган қадимги хоразмликлар ўз оғирлигини гоҳ у оёғига, гоҳ бу оёғига ташлаб, гоҳида гавдасини кериб, бошини у ёқ бу ёққа буриб, қовоғини уйиб, лабларини чўччайтириб, қўлларини бир-бирига ишқаб, кифтларини галма-гал ўйнатиб, кутилмаганда бирдан сакраб туриб, ёлғондакамига оқсоқланиб, муқом қилганча, турли ҳайвонларнинг юриши ва қилиғига тақлид қилиб рақсга тушган бўлса ажабмас. Бундай муқом ва тана ҳаракатлари бугунги кунда номзоди ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон номоддий мероси рўйхатига киритилган Лазги рақси қаракатларида сақланиб қолган ва олис тарих қаъридан бугунги кунгача етиб келган. Авестонинг энг қадимги қисми бўлган Яшт гоҳлари дастлаб коҳинлар томонидан ижро қилинган, кейинчалик замзама усулида ўқилган. Ўша ижро ритмлари вақт ўтиши билан қадимги Хоразм куй-қўшиқларига кўчган. Бугунги кундаги халфа куйлари, суворалар ҳамда дутор куйлари усули заминида замзама – қироат усули ётади. Авесто “гоҳ”ларининг бўғин ўлчови Хоразм мақомлари сўз ўлчови билан жуда ўхшашки, бу ҳолат ҳам ўтмиш билан бугунни мусиқа санъати ва бадиий сўз санъати доирасида ўзаро боғлайди.
Авестонинг занд, яъни сўнгги шарҳланган ва китобат қилинган шаклида юлдузлар, планеталар, Қуёш ва Ой манзиллари, фасллар алмашинуви, йил тақвими ва турли байрамлар ҳақида маълумотлар мавжуд. Буларни кузатиш, ҳисобини юритиш учун ҳисоб ва саноқ илми шаклланган бўлиши керак эди. Авесто китобат қилинган қадимги Хоразмда аниқ фанлар тараққиёти ўз чўққисига чиққан эди. Милоддан аввалги IV асрдан то милодий IV аср оралиғидаги даврга оид деб қараладиган Қўйқирилганқалъа иншооти ўз даврининг бемисл обсерваторияси эди. Тўққалъа некрополидан аниқланган милодий IV асрдан VII аср охиригача бўлган давр остадон битигларида йил санасини ифодалаш учун қўлланган рақамлар орасида нолни англатадиган махсус белги – рақам учрайди. Ушбу белги ҳозирги замонавий нол рақамининг “аждод”и ҳисобланади. Шундай кашфиёт ва ихтиролар, илм-фан ривожи, технологик ютуқ ҳамда инновацион янгилик ва ишланмалар орқали Турон заминида, жумладан қадимги Хоразмда исломгача бўлган даврда илк тамаддунга тамал тоши қўйилган. Бундай юксалиш кейинчалик, ислом даврига келиб Маъмун академияси мисолида қайта бўй кўрсатди.
Шарқдаги илк ренессанс даврининг пешқадам вакилларидан бири Муҳаммад Хоразмий ҳисобланади. Хоразмий ҳинд арифметикасини шарҳлаб, сонларга изоҳ берди, саноқ тизимини янги поғонага олиб чиқди. Нол рақамини қўллаш доирасини белгилаб берди. Номаълум сонни аниқлаш бўйича формулани шакллантирди. Квадрат ва илдизости сонларини қандай ҳосил бўлишини содда усулда баён қилиб берди. Хоразмийнинг астрономия илмига қўшган ҳиссаси ҳам беқиёс ҳисобланади. Планеталарнинг жойлашуви, юлдузлар жадвали ва қуёш ҳамда ойнинг ҳаракатига бағишланган илмий кузатишлари ўз даври учун муҳим кашфиёт эди. Унинг география, мерос илми, геометрия ва мусиқа илмларига оид асарлари Хоразмийни қомусий олим бўлганлигини тасдиқлайди. Муҳаммад Хоразмий Бағдоддаги Маъмун академиясида олимларга бошчилик қилган. Ўша пайтда гуркираган Биринчи ренессанс олимларининг пешқадам вакилларидан бири ҳеч шубҳасиз Муҳаммад Хоразмий эди. Яна бир хоразмлик буюк олим Абу Райҳон Беруний бўлиб, у том маънода Хоразмий бошлаб берган ишларни давом эттирди. Унинг натурал сонлар борасидаги қарашлари, юлдузлар ҳайъати, геометрик ўлчовлар, масса ҳажмини аниқлаш бўйича амалга оширган илмий кашфиётлари кейинчалик фан соҳаларини жадал ривожланишига олиб келди. Фармакогнозияга оид “Китоб ас-Сайдана” асари мингдан ортиқ ўсимлик, минерал ва бошқа жисмларнинг хусусияти, номи ва қўлланишига бағишланган нодир асар ҳисобланади. Берунийнинг ҳиндлар тарихи ва урф-одатларига оид “Ҳиндистон” асари бу диёр бўйича шу вақтгача ёзилган барча асарларни ҳозиргача орқада қолдириб келади. Абу Райҳон Беруний ижтимоий фан соҳаларида ҳам самарали фаолият олиб борди. Фақат фалсафа, мантиқ, адабиёт, тарих ва тилшунослик фанлари борасидаги хизматларининг ўзи билан ҳам Беруний тарихда қолиши мумкин эди. Унинг ўзга оламлар борасидаги қарашлари, бу борада яна бир улуғ қомусий олим Ибн Сино билан қилган мунозаралари Берунийни буюк файласуф олим эканлигидан далолат беради. Олимнинг, Ернинг шар шаклида эканлигини илмий далиллаши, биз яшаб турган оламдан ташқари яна бошқа оламлар ҳам борлиги тўғрисидаги гипотезаси, Ер куррасининг нариги тарафида ҳам материкнинг мавжудлиги бўйича фарази, атомнинг зарраларга бўлиниш ёки бўлинмаслиги борасида мақбул позицияда туриши – Берунийни нафақат XI асрнинг олими, балки барча даврларнинг даҳо олими, мутафаккири дейишимизга асос бўлади. Хоразмшоҳ Маъмун томонидан барпо этилган Гурганж академиясининг раҳбари сифатида фаолият олиб борар экан, Беруний йўқотилган қадимги Хоразм тамаддуни изларини кўра билган. Кўҳна қалъалар, шаҳарсозлик анъаналари, мураккаб механизмли ирригация тизимлари, гидрология, минералогия ва иқлимшунослик соҳасидаги эски тажрибалардан хулоса қилиб, олим “Бугун биз эришган илмий ютуқлар, ўтмиш тамаддунининг оқаваларидир” дейди. Қадимги Хоразм тарихи ва маданияти мисолида кўринадики, илм-фан ва маърифат ҳеч бир даврда асло тўхтаб қолмаган.
Ўзбекистон ҳудудида юз берган биринчи ва иккинчи ренессанслар ушбу заминда яшаган халқларнинг тарихи, маданият ва санъатини, муштарак анъана ҳамда урф-одатларини, эътиқоди, маънавиятини ўзида акс эттирган. Иккинчи ренессанс даврида илм ва фан соҳалари ривожи жамиятни шакллантириб, давлат ва унинг асосларини мустаҳкамлаган. Соҳибқирон Темур ва темурийлар салтанатида устувор бўлган қонун ва қоидалар мадраса таълимидаёқ ўқитилган. Оилада тарбия одоб ва аҳлоққа асосланган. Иккинчи ренессанс даврида Самарқанд шаҳри нафақат пойтахт, балки илм-фан маркази сифатида ҳам Шарқда машҳур бўлган. Самарқандда барпо бўлган академияда Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Жамшид Коший ва Али Қушчи каби олимлар илмий изланишлар олиб боришган. Улуғбек академиясида астрономия, математика, география, фалсафа ва мантиқ илмлари бўйича тадқиқотлар олиб борилган. Бу борада Мирзо Улуғбекнинг “Юлдузлар жадвали” астрономия соҳасида янгилик бўлди. Асар Европагача етиб бориб, шу соҳадаги янги кашфиётларга туртки бўлди.
Иккинчи ренессанс даврида адабиёт, мусиқа айниқса шеърият аҳоли ўртасида юксак дидни тарбиялаган. Достон ва жангномалар ўша давр кишилари тасаввуридаги сюжетлардан таркиб топган эди. Китобат санъати ривожланиши китобхонлик доирасини кенгайтирди. Каллиграфия, муқовасозлик, миниатюралар чизиш юксак ва нафис санъат даражасига кўтарилди. Аёлларнинг зийнати бўлган узук, билакузук, зирак ва маржонлар ишлаш – заргарлик соҳаси асрий анъаналарга асосланганлиги сабабли ҳам бизнинг давримизга довур етиб келди.
Бугунги кунда юртимизда Учинчи Ренессанс орқали Янги Ўзбекистонни барпо қилиш йўлида аждодларимиз қолдирган моддий ва номоддий мерос мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. Бу меросни сақлаш, ўрганиш ва аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш натижасида янгидан-янги илмий ютуқларга эришишимиз мумкин.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий вазифаларидан бири аждодлар меросини ўрганиш, улар амалга оширган кашфиёт ва ихтироларни юртимиз ва бутун жаҳон бўйлаб тарғиб қилишдан иборат. Ислом дини, тарихи, санъати ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган буюк бобокалонларимиз меросини халқимизга етказиш борасида ҳурматли Юртбошимиз ташаббуси билан барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳашаматли биносининг алоҳида ўрни бор. Биринчидан, бу кўркам бино орқали дунёга бизнинг заминдан етишиб чиққан алломаларнинг бебаҳо илмий-маърифий мероси намойиш қилинса, иккинчидан ёш авлод тасаввури ва шуурида нафақат фахр ва ифтихор туйғуси, балки аждодларга муносиб фарзанд бўлиш иштиёқи ҳам уйғонади.
Ишонамизки, ушбу бежирим мажмуа асрлар давомида авлодларимизга аждодлар меросини кўз қорачиғидек асраш ва қадрлаш рамзи бўлиб қолади.
Анвар МАТНИЯЗОВ,
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси
маркази етакчи илмий ходими,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори,
доцент