Амир Темур ва Шоҳрух сингари Иброҳим Султон ҳам адабиёт, санъат, мусиқани яхши билган ва бу соҳа вакилларининг иқтидорини қадрлаб, тарбиясига алоҳида эътибор қаратган.
Иброҳим Султон кўчирган бир нечта Қуръон нусхалари ҳозирда Эрон қўлёзма фондларида сақланади. Жумладан, Гулчин Маъоний Иброҳим Султон томонидан 1423 йили сулс хатида кўчирилган Қуръон нусхаси Остони Қудси Ризавий кутубхонасида мавжудлиги, лекин унинг 16 варағи етиб келганини қайд қилади. Яна шу муаллифнинг билдиришича, райҳоний хатида амирзода томонидан кўчирилган Қуръоннинг бошқа бир нусхаси ҳам мазкур фондда сақланган бўлиб, тартиб рақами ўзгариб кетган. Иброҳим Султон томонидан кўчирилган Қуръоннинг учинчи қўлёзмаси 1937 йилгача Шероз шаҳридаги “Қуръон дарвозаси”да сақланиб келиниб, кейинчалик Порс музейи ихтиёрига ўтказилган. Ушбу нусха икки жилддан иборат бўлиб, “Қуръони ҳафтдаҳ ман” деб ҳам аталади. Унинг “Қуръон дарвозаси”га келиш тарихи Бувайҳийлар сулоласидан бўлган Иззуддавла Дайламий қурдирган дарвоза билан боғлиқ. Дастлаб, Иззуддавла Шерозда дарвоза қурдириб, унда Қуръон учун жой қилдирган. Кейинчалик Каримхон Занд томонидан дарвоза қайта қурилиб, устига махсус хона қўшилган ва у ерда Иброҳим Султон томонидан кўчирилган икки жилдли Қуръон сақлана бошлаган. Қожорлар ҳукмронлиги даврада дарвоза бир неча зилзилага дучор бўлиб, Муҳаммад Зангихон Нурий томонидан таъмирланган. Гарчи Қуръон ҳозирда Порс музейида сақланаётган бўлса ҳам, аҳоли ўртасида яхши ният билан ойнинг бошида шаҳардан чиқаётиб Қуръон дарвозасидан ўтиш орқали руҳий покланиш анъанасини сақланиб қолган. Булардан ташқари, темурийзода томонидан кўчирилган яна бир Қуръон қўлёзмаси Метрополитен музейида сақланиши ҳақида маълумотлар мавжуд. Иброҳим Султон ҳомийлигида туркий ва форс адабиётининг ажойиб намуналари яратилди ва нодир нусхалари кўчирилди.
Қисқа умри давомида Форс вилоятининг ҳукмдори сифатидаги фаолияти илм-фан, адабиёт ва санъат соҳалари вакиллари томонидан юксак қадрланган.
Маълумотларга кўра, ушбу Қуръон 830 йил, 4 рамазон/ҳижрий 1427 йил, 29 июньда кўчирилган. Кейинчалик Бобурийлар саройида сақланган. Қуръоннинг жуда чиройли ва ўзига жалб этувчи икки жилдда муқоваланган нусхаси.
Қўлёзманинг муқоваси тўқ қизил рангли чармдан, медальонли, яхлит прессланган, алоҳида нақшга эга эмас. Қўлёзма жуда нафис насх хати билан ёзилган, бу хаттотнинг юксак маҳоратидан дарак беради. Матнга ҳаракат белгилари қўйилган. Матн ҳар бир саҳифада 10 қатордан берилган бўлиб, олтин, зарғалдоқ ҳамда кўк ранглар билан гардишланган.
Ушбу Қуръон қўлёзаси нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида намойиш этилади. Унинг факисимле нусхаси устида филология фанлари доктори Афтондил Эркинов иш олиб бормоқда.