Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейининг Биринчи Ренессанс даври экспозициясида “Хоразм Маъмун академияси” иммерсив шоу яратилади.
Замонавий ахборот технологиялари ютуқлари асосида яратиладиган иммерсив шоу орқали томошабинлар гўё вақт машинасида саёҳат қилгандек, Хоразм Маъмун академияси даврига тушиб қоладилар. Улар академиядаги илмий муҳитни ҳис этиб, буюк мутафаккирлар ва қомусий олимлар билан бир сафда тургандай туюлади. Шоу давомида қадимий китоблар жонланади, илмий кашфиётлар намоён бўлади ва томошабинларни ҳақиқий маърифат оламига етаклайди.
Маълумки, Бағдоддаги “Байт ал-ҳикма”да фаолият юритган Марказий Осиё олимларининг илмий анъаналари ХI асрнинг бошида Хоразмда давом этган. Хоразмшоҳлар Абул Ҳасан Али ибн Маъмун (997–1009) ҳамда Абул Аббос Маъмун ибн Маъмун (1009–1017)лар даврида пойтахт Гурганчда ўз даврининг машҳур олимларини жамлаган илмий марказ – Мажлис ал-уламо вужудга келди. Унда Абу Наср ибн Ироқ, Абу Саҳл Масиҳий, Абул Хайр Ҳаммор, Абу Райҳон Беруний ва Абу Али ибн Сино, Ибн Мискавайҳ, ас-Саъолибий каби олимлар астрономия, математика, кимё, табобат, фалсафа, мантиқ, тилшунослик, тарих ва адабиёт сингари йўналишларда илмий тадқиқотлар олиб бордилар. Мазкур илмий марказнинг фаолияти Ғазна ҳукмдори султон Маҳмуд Ғазнавийнинг Хоразмга юриши натижасида 1017 йилда тўхтади. Гарчи Хоразм Маъмун академияси қисқа муддат фаолият кўрсатган бўлса-да, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино каби қомусий олимлар томонидан бу ерда яратилган оламшумул илмий кашфиётлар кейинги даврлар аниқ ва табиий фанлар олимларининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатди.
Музей экспозициясида “Хоразм Маъмун академияси"да фаолият юритган олимларнинг илмий мероси ва уларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссаси ҳақида видеофильм ҳам ўрин олади.