Маълумки, олти асрдан кўпроқ жаҳонга довруғ солган Усмонийлар даврида туркий тил ва адабиёт юксак даражада тараққий этди. Бунда буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг муносиб ўрни бор. Чунки, усмоний ҳукмдорлар даврида Навоий асарлари қайта-қайта кўчирилган. Усмонли шоирлар Навоий ғазалларига юзлаб назиралар боғлашган. Усмонийлар даври туркчаси Навоий фойдаланган эски ўзбек тилидан сезиларли даражада фарқланса-да, шоирлар айнан улуғ мутафаккиримиз тили ва услубига яқин лаҳжада ижод қилишган.

Усмонийлар даврида рассомлар Алишер Навойи суратини ишлашга ҳаракат қилишган. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказида буюк мутафаккирларнинг турли даврларда ва ҳудудларда ишланган миниатюралари устидаги изланишлар ҳам давом этмоқда.
Яқинда Марказ тадқиқотчилари Алишер Навоийнинг ўрта асрларда Истанбулда ишланган яна бир миниатюраси ҳақида маълумот беришди. Марказ илмий котиби, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Рустам Жабборовнинг айтишича, ушбу минатюранинг асл нусхаси Анқарада Президент Режеп Таййип Эрдоған ташаббуси билан очилган Миллат кутубхонасида сақланади.
Келгусида ушбу миниатюранинг факсимил нусхасини Марказ экспозициясида намойиш этиш кўзда тутилган.