Ғазал мулкининг султони Алишер Навоийнинг мунаввар сиймоси, қутлуғ номи, бой ва серқирра маънавий мероси асрлар моба йнида инсониятни эзгуликка, ҳамжиҳатликка, илму ирфонга чорлаб, халқимиз учун чексиз фахру ифтихор тимсоли бўлиб келмоқда.
Алишер Навоий номи, унинг безавол мероси замон ва макон сарҳадлари оша инсониятни ҳақиқат, адолат, эзгулик сари даъват этиб бораверади. Улуғ аллома асрлар давомида халқ билан ҳамнафас, замон билан ҳамқадам яшайверади. Ул зотни ҳар бир давр учун замондош дейилса, муболаға бўлмас. Эҳтимол шунинг учун унинг номи турли сулолалар, салтанатлар, ҳокимиятлар даврида ҳам тилдан тушмаган, унинг асарлари қўлдан-қўлга дилга ўтаверган. Бу умрбоқий мерос наинки туркий халқлар, балки дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек тортаверган.
Бугун биз илм-фан, техника, ахборот технологиялари юксак даражада ривожланган бир даврда яшаяпмиз. Бу замон ҳар биримиздан маънавиятимиз, миллий қиёфамиз, қадриятларимизни турли ёт таъсирлардан ҳимоялаш, хусусан ёшларимизнинг онгини турли иллатлардан асраш, уларни Ватанга садоқат, миллий ва умумбашарий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашни тақозо этади.
Навоий асарларининг ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг ёруғ келажагини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Бу асарларда илгари сурилган шарқона одоб-ахлоқ, ибо ва ҳаё, ор-номус, мардлик ва жасорат, Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, меҳру муҳаббат ғоялари бизнинг замонамизда ҳам долзарблигича қолмоқда.
Эътибор қилсак, “Хамса” достонининг бош қаҳрамонлари ҳам асосан ёшлардан иборат. Фарҳод, Қайс, Искандар ҳам ёшликдан илм-маърифатга ташна бўлиб улғайган. Бу билан Навоий ўз даврининг ёшларини ҳам, кейинги авлодларни ҳам илм ўрганишга, маърифат исташга ундаганлар.
Буюк шоиримиз нафақат, илм ва ҳунар ўрганиш, балки ундан ўз ўрнида фойдаланишни ҳам тарғиб қилганлар. Фарҳоднинг тилидан айтилган “Ҳунарни асрабон нетгумдур охир, олиб туфроққаму кетгумдур охир?” мисраларида ҳам ана шу эзгу мақсад тажассумини топган.
Алишер Навоий ўзининг олтмиш йиллик умри давомида мангуликка татигулик ишларни амалга оширди. Ўлмас асарлар, дилбар шеърлар битди. Она тилимизнинг шуҳратини, беқиёс гўзаллиги ва нафосатини яққол намоён этди. Умри давомида эл-юрт ғами, қувонч ва ташвишлари билан яшади. Бутун инсонларни ўзидан яхши ном қолдиришга даъват этди:
Бу олам ичраки, йўқдур бақо гулиға сабот,
Ажаб саодат эрур, қолса яхшилик била от.
Чиндан ҳам шундай бўлиб қолди. Навоийнинг вафотидан кейин ҳам ўнлаб хонлар, султонлар яшаб ўтди. Салтанат қўлдан-қўлга ўтди. Сулолалар, тузумлар, тизимлар алмашди. Аммо, халқ, адабиёт муҳиблари ўзининг буюк шоирини унутмади, қалбида, руҳида яшатиб келди. Ҳазратнинг безавол номи ҳамон инсоният билан бирга яшаб келмоқда.
Гоҳида, хорижий давлатларда, халқаро анжуманларда бўлганимизда, ўзга миллат вакилларининг буюк бобомизга бўлган чексиз эҳтиромини кўриб, фахрланиб кетамиз. Бугунги кунда Токио, Москва, Боку, Душанбе, Шанхай, Минск сингари шаҳарларда Алишер Навоийга ўрнатилган ҳайкаллар салобат тўкиб, халқимизнинг, миллатимизнинг бетакрор даҳосини кўз-кўз этиб турибди. Бу ҳам ул зотга чексиз ҳурмат ва муҳаббатдан далолат беради.
Бугун Навоийнинг нодир қўлёзмалари дунёнинг турли шаҳарларидаги машҳур музейларда сақланмоқда, етук мутахассислару олимлар томонидан ўрганилмоқда. Унинг ашъори жаҳоннинг ўнлаб тилларида жаранг сочаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил қилинган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан буюк алломаларимиз қатори Ҳазрат Алишер Навоий меросини тадқиқ қилиш ва оммалаштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти билан ҳамкорликда нашр қилинаётган “Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида” китоб-альбомларининг салмоқли қисмида Алишер Навоий меросига эътибор қартилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, дунёнинг турли кутубхоналари, музейлари, шахсий коллекциялари, илмий муассасаларида сақланаётган Ўзбекистон маданий мероси дурдоналари орасида буюк бобокалонимиз Ҳазрат Мир Алишер Навоий қўлёзмалари алоҳида ўрин тутади. Айни пайтга қадар “Ўзбекистон маданаий мероси” туркумидан бевосита Алишер Навоий асарларига бағишланган 3 та китоб альбом нашр қилинди.
Марказ илмий ходимлари томонидан 2022 йилда Алишер Навоийнинг “Вақфия” асари шарҳи билан чоп этилди. Ўтган йили Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўткзилган “Буюк аждодлар мероси - Учинчи Ренессанс пойдевори” Халқаро конгрессида ҳам хорижлик ва маҳаллий олимлар томонидан Навоий меросига оид ўндан ортиқ маърузалар тингланди.
Шунингдек, Россия Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари институти, Россия миллий кутубхонаси, Франция миллий кутубхонаси, Берлин Миллий кутубхонаси, Буюк Британия, Чехия, Озарбойжон сингари мамлакатларга бағишланган тўпламларда Навоий қўлёзмаларига алоҳида ўрин ажратилган.
Сўнгги йилларда Навоий девонларининг шоир ҳаётлиги даврида кўчирилган бир неча қўлёзмалари аниқланди. Уларнинг айримлари ҳақида бир мунча маълумотлар бор эди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий жамоасининг хорижий сафарлари давомида Навоий ҳазратларининг дунё хазиналарда сақланаётган нодир қўлёзмалари ўрганилмоқда.
Жумладан 2024 йил ноябрь ойида Буюк Британияга қилинган хизмат сафари давомида Оксфорд университетининг Бодлеан кутубхонасида Навоийнинг ҳаётлигида кўчирилган “Хамса” асари билан танишилди. Кутубхона раҳбарияти билан ушбу қўлёзманинг факсимиль нусхасини нашр қилиш бўйича ишлар давом этмоқда.
Чиндан ҳам Алишер Навоийнинг бебаҳо меросини ўрганиб, унинг чуқур мазмун-моҳиятини тушуниб етганимиз сари алломанинг буюклигини тобора теран англаб бораверамиз. Улуғ мутафаккирнинг нурли сиймоси замонлар оша ўлмас асарларида, инсониятни эзгулик, бағрикенглик ва меҳр-мурувватга даъват этгувчи умумбашарий ғоялари тимсолида яшайверади.
Шундай экан, улуғ Навоийни фақат таваллуд айёмлари, муайян саналар муносабати билан эмас, ҳар куни, ҳар лаҳза ёдга олсак, унинг асарларини ўқиб-ўргансак, ёшларимизни ҳам ана шу савобли ишга янада кенгроқ жалб этсак, нур устига нур бўлади.