МАҚОЛАЛАР
Темурийлар даврида хаттотлик қай даражада бўлган?

 

              XIV–XV асрларда илм-фан, маданият ва санъатнинг барча соҳаларида бўлгани каби хаттотлик санъатида ҳам мисли кўрилмаган юксалиш кузатилди.

           XV асрда Темурийлар сулоласи ҳукмдорларининг қўллаб-қувватлашлари билан вужудга келган Ҳирот хаттотлик мактаби Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил) каби вакиллари билан элга танилган. Амир Темур даврида Мавлоно Шамсуддин Мунший, сангтарош ва хаттот Олтун жуда машҳур бўлган.

          - Иброҳим ибн Шоҳруҳ, Бойсунғур Мирзо, Бадиуззамон Мирзо каби Темурий шаҳзодалар ҳам хаттотликка ҳомийлик қилиш билан бирга ўзлари бу санъат тури билан шуғулланган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур эса янги хат ва алифбо “Хатти Бобурий” ихтирочисидир. Темурий шаҳзодалардан Бойсунғур Мирзо (1397—1433) эса ўз замонасининг етук олимларидан эди. У Ҳиротда ташкил қилган кутубхонада мусаввир, наққош ва бошқа усталар билан бир қаторда 40 дан ортиқ хаттотлар қўлёзма китоблар тайёрлаш, яроқсиз ҳолга келганларини таъмирлаш билан машғул бўлган, – деди Марказ илмий ходими Нажмиддин Фаёзий.

    Темурий ҳукмдорлар саройида  «настаълиқ» хатини ихтиро қилиб, уни санъат даражасига кўтарган Мир Али Табризий (1330-1405), “Хаттотлар султони” Султонали Машҳадий (1437–1520), Дарвеш Муҳаммад Тақий Ҳиравий (XV асрнинг биринчи ярми), Абдулжамил Котиб (вафоти 1505/1506 йил)  каби хаттотлар  самарали фаолият кўрсатган.