Буюк мутафаккир, шайхур-раис Абу Али ибн Сино номи ва илмий мероси минг йилдан кўпроқ вақт мобайнида Ғарбу Шарқда чуқур ўрганиб келинади. Улуғ ҳаким номи асрлар давомида тилдан-тилга кўчиб келади. Унинг ҳаёти ва фаолиятига доир турли асарлар битилган, халқ орасида эса эртак ва афсоналар тўқилган.
Бундан афсоналар нафақат шарқда, балки ғарбда ҳам машҳур бўлган. 1404-1405 йилларда соҳибқирон Амир Темур саройига Кастилия қироли номидан элчи бўлиб келган Руи Гонзалес де Клавихо (вафоти 1412 й.) кундалигида қизиқ бир факт учрайди.
Элчининг ёзишича, ўша йилларда олис Испанияда ҳам Ибн Сино ҳақида халқ орасида турли ривоятлар ва афсоналар кенг тарқалган эди. Клавихонинг ёзишича, у 1404 йилнинг 13 июнь куни ўз Ватанидан сафарга чиқади. У тўхтаган илк манзил - Испаниянинг шарқий соҳилларига энг яқин орол - Ивиса эди.
“Ивиса узунлиги беш, кўндаланги уч лигага тенг кичик орол, - деб ёзади Клавихо. - Пайшанба, жума кунлари шамол эсмади, жуда кам йўл босдик. Арагон қироли номидан бу ерга келган губернатор элчиларга алоҳида турар жой ҳозирлашни тайинлаб, уларни шаҳарга олиб келиш учун отлар билан одам юборди. Ивиса — ҳар хил дарахтлар, қарағайзорлар билан қопланган ўрмонли орол. Шаҳар денгиз ёнидаги баланд тепаликда жойлашган. У уч қатор истеҳком девор билан ўралган бўлиб, деворлар оралиғидаги ерларда ҳам аҳоли истиқомат қилади. Шаҳарнинг денгизга яқин энг баланд жойида юксак қалъа қурилган. Бу қалъа ҳам девор билан ўралган. Қалъа ёнида баланд минорали шаҳар черкови бор, у қаср билан туташиб кетган. Шаҳар ҳам, қаср ҳам битта истеҳком девор ичида. Оролда денгиз сувидан туз ажратиб оладиган корхона ишлаб турибди. Ҳар йили денгиз сувидан кўплаб туз ажратиб олади. Бу ерга Шаркдан кўплаб кемалар келиб, туз ортиб кетади. Корхонанинг даромади катта. Шаҳар деворида Авиценна деган минора бўлиб, миноранинг ичкариси хоналардан иборат. Авиценна шу оролда туғилган дейишади...”
Ғарбда улуғ бобокалонимиз Авиценна номи билан Клавихога қадар ҳам донг таратганини биламиз. Ибн Сино асарлари XII асрдаёқ Европада лотин тилига таржима қилинган. Италиялик машҳур файласуф Герардо Кремонезе (1114-1187) “Тиб Қонунлари”нинг бир қатор бобларини лотин тилига ўгирган. Машҳур итальан адиби Алигьери Данте (1265-1321) ўзининг “Илоҳий комедия” асарида Ибн Сино номини кўплаб Шарқ алломалари қаторида зикр этиб ўтади.
Шу боис, Ибн Сино номи Европада анча машҳур бўлгани, номи тилларда достон бўлгани ҳақиқат. Буюк инсонларнинг туғилган жойлари ва миллий мансубияти ҳамиша турли тортишувларга сабаб бўлиб келади. Ибн Сино номи ва шахсияти ҳам бундан мустасно эмас. Шу маънода испанлар ҳам Ибн Синони ўзлариники деб билишгани, ҳатто Испаниянинг чекка бир оролида унинг номи билан боғлиқ минора борлиги албатта жуда қизиқ.
Айни пайтда Испанияга тегишли бўлган бу орол мамлакатнинг шарқий қисмида, Ўртаер денгизидаги Питиуз архипелаги таркибига киради. Орол бугунги кунда бешта маъмурий бирликка бўлинган. Клавихо тилга олган қалъа айни пайтда Ивиса муниципалитетининг маъмурий маркази ҳисобланади. 11 квадрат-километрин эгаллаган шаҳарда 50 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ивиса шаҳридаги марказий кўчалардан бири ҳам Авиценна (Ибн Сино) номи билан аталади.
Шаҳардаги бир қатор тарихий ёдгорликлар қаторида Ивиса қалъаси ҳам сақланиб қолган. Тепаликда жойлашган қалъа минораси унинг энг баланд нуқтаси саналади ва у узоқлардан ҳам кўриниб туради. Балки қалъадаги Клавихо тилга олган, ички хоналарга эга бўлган ягона минора Ибн Сино номи билан аталган, кейинчалик унинг номи ўзгариб кетгандир ёки айнан ўша минора бугунги кунгача етиб келмагандир. Ҳозирча бу ҳақда аниқ маълумот йўқ.